"Самаркандский вестник" нашри ходими ўзбекистонлик ёш шахматчи Жаҳонгир Воҳидов билан суҳбат уюштирди.

Самарқанд шаҳрида шахматчилар оиласида туғилган Жаҳонгир Воҳидов саволларга жавоб бериш давомида шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлишни ният қилгани ҳақида айтиб берган.

"Шахмат ақл ва тафаккурни чархлайди", дейди Марказий Осиёда энг ёш халқаро гройсмейстер бўлган Жаҳонгир Воҳидов.

У ўзида шахматга бўлган муҳаббат отаси Тоҳир Воҳидов ва бобоси Абдувоҳид ота томонидан уйғотилгани, улар мағлубиятдан хафа бўлмаслик, ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва қайтадан ғалабалар сари интилишга ўргатишгани ҳақида айтади.

Айни вақтда Жаҳонгир Воҳидов Самарқанд давлат университетининг аълочи талабаларидан бири ҳисобланади. У 19 ёшида, 2011 йилда Малайзиядаги халқаро турнирда иккинчи ўринни қўлга киритганди.

"Омад бирданига келмайди. Бунинг учун тинимсиз равишда машғулот ўтказиш ва ўз устингда ишлашинг керак бўлади", дея таъкидлайди шахматчи.

Жаҳонгир Воҳидов Жерси оролида ўтказиладиган The Polar Capita шахмат фестивалининг энг номдор шахматчиси ҳисобланади. У бир неча йиллардан буён ўз тоифасида кўплаб ютуқларга эришган. Айни вақтда Жаҳонгир Воҳидов август ойида БААда ўтказиладиган Осиё чемпионатига тайёрланмоқда. Агар у бу турнирда ғалаба қозонса, шу йилнинг сентябрида Озарбойжонда ўтказиладиган Жаҳон Кубогида иштирок этиш учун йўлланма олади. У бу турнирда қатнашиб, чемпион бўлиш истагини билдирган.

"Дунёда шахматчилар клубини ташкил этиш анъанаси мавжуд. Яқинда шундай клуб Тошкентда ташкил қилинганди. Самарқандда ҳам шундай клуб бўлишини истайман. Бу шахматчиларнинг тажрибасини оширишга ва халқаро ўйинларда ютуқларга эришишга замин бўлади", дейди Жаҳонгир Воҳидов.