Қорақалпоғистон Республикасида 2014 йилда 49 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 841 тага кўпайтириш режалаштирилган.

Нукус тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги меҳнат ярмаркасида 35 корхона ва ташкилот бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Ярмаркада йигирмага яқин фуқарога ўз касби бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма, юздан зиёд фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

– Нукус тиббиёт коллежини тугатиб, уйда ишсиз ўтирган эдим, – дейди Галина Арихова. – Ярмаркада ўз касбим бўйича туман тиббиёт бирлашмасига ҳамширалик ўрнига йўлланма олганимдан жуда хурсандман.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида марказ томонидан 481 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олиниб, уларнинг 400 дан зиёди ўз мутахассислиги бўйича ана шундай меҳнат бозорлари орқали ишга жойлаштирилди.