Футбол бўйича Россия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Фабио Капелло Россия футбол федерацияси билан шартноманинг муддатидан олдин бекор қилиниши бўйича товон пулини битта транш билан ололмайдиган бўлди.

“Советский спорт” газетасининг маълум қилишича, 69 ёшли мутахассисга 20 млн евролик товон пули бўлиб-бўлиб тўланадиган бўлди.

Нашрнинг маълумотларига кўра, РФИ товон пулини сезиларли даражада камайтиришга муваффақ бўла олмагач, унинг босқичма-босқич тўланиши бўйича келишувга эришди.

Бундан ташқари, Капелло Италия қонунчилигига кўра солиқларни тўлашдан қочиш учун йил охиригача Россияда қолади, чунки агар Капелло Италияга кетадиган бўлса унда РФИдан олган маошидан 45 фоизини солиқ кўринишида тўлашига тўғри келади, Россияда эса у фақатгина 13 фоиз солиқ тўлайди, холос.