Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, янги туғилган чақалоқнинг мияси нутқни катталарнинг миясидай қабул қилади: бир неча кунлик бола нутқ ичидан сўзларнинг асосий қисмларини ажратиб олиш қобилиятига эга бўлади. Тадқиқот тафсилотлари Developmental Science журналида чоп этилди.

Психолингвистларнинг таъкидлашича, нутқни қабул қилиш жараёнида бош мия сўзнинг бошидаги ва охиридаги бўғинларга ўзига хос реакция беради, негаки улар сўзнинг асосий индивидуаллигини ташкил қилади. Жумладан, сўз охирида грамматик ёки лексик маънони белгилаб берувчи турли қўшимчалар жойлашиши мумкин.

Олимлар ўтказган тадқиқотда болалар ва катталарнинг бу борадаги қобилиятлари бир хил эканлиги аниқланди. Олимлар бир қанча янги туғилган болаларга бир неча ҳафта давомида муайян сўзларни айтиб, уларда кўникиш ҳосил қилишган. Сўнг сўздаги бўғинлар тартибини ўзгартириб яна кўникма ҳосил қилишга ҳаракат қилишган. Бу паллада мия фаоллигининг текширилиши шуни кўрсатдики, болалар ўртадаги бўғинлар ўзгаришига эътибор қаратмайди, аммо сўз бошидаги ва охиридаги бўғинлар ўзгариши уларда фаоллик келтириб чиқаради.