Сирғали туманида дугонасидан фоизга пул олиб, йиллар давомида ўз қарзини қайтармай келган, 1973 йили туғилган Дилрабо Абдураҳмонова қўлга олинди. У жабрланувчилардан олган пуллари эгаларига қайтарилди. Бу ҳақда туман ИИБ тергов бўлими хабар бермоқда.
Айтилишича, Абдураҳмонованинг тенгдоши ва дугонаси Зулфия Исломбоева унга 24 минг АҚШ доллари миқдорида қарз берган. Абдураҳмонова унга ойига 600 доллар фоиз беришига ишонтирган.

Бундан ташқари, қаллоб аёл 1988 йили туғилган сирғалилик Бобир Иброҳимовни ҳам алдаб, Spark машинасини “шапкасиз” олиб бериш баҳонасида ундан 32 млн сўм олган.
Орадан ярим йил ўтгач, Абдураҳмонова Иброҳимовга 2 550 доллар ва 8.2 млн сўм пулни қайтарган. Дугонасига эса турли баҳоналар билан пулларни қайтармай келган.
Орадан бир неча йиллар ўтгач, танишиб қолган Иброҳимов ва Исломбоевалар тегишли идораларга мурожаат қилишга қарор қилишди. Натижада фирибгар тез орада қўлга олиниб, судга тортилди. У қаллоблик йўли билан ўзлаштирган пуллар эгаларига қайтариладиган бўлди.