Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий 20 июлда Нигерия учун қўшимча ёрдам сўраш мақсадида Вашингтонда АҚШ президенти Барак Обама билан учрашди.

Бухорий АҚШни “Боко Ҳарам” террорчилик гуруҳини билвосита қўллаб-қувватлашда айблади. Унинг фикрича, Вашингтон инсон ҳуқуқлари бузилишини рўкач қилиб Абужага (Нигерия пойтахти) ҳарбий ёрдам кўрсатишдан бош тортиши билан террорчиларни қўллаб-қувватламоқда.

Бухорий Нигерия “инсон ҳуқуқларининг бузилиши” сабабли киритилган тақиқловлар туфайли АҚШ етказиб бериши мумкин бўлган зарурий қурол-аслаҳа ва технологияларга эга бўла олмаётганини айтмоқда.

2015 йилнинг июнида Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Нигерия ҳарбийлари томонидан қўлга олинган 8 минг жангари ўлганини маълум қилган. Бироқ Нигерия ҳукумати бу маълумотни инкор этган эди.