АҚШ ҳарбий лабораториялари охирги 12 йил ичида янглиш тарзда умумий ҳисобда камида 7 та давлатга куйдирги спораларини юборган.

Бу ҳақда 23 июлда АҚШ мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Роберт Уорк яқинда Пентагон томонидан тирик бўлган куйдирги спораларининг жойларга юборилиши ҳолатини текшириш ишлари якунига бағишланган журналистлар учун уюштирилган махсус матбуот анжуманидаги нутқи давомида айтиб ўтди. Уоркнинг айтишича, юз берган ушбу ҳолат АҚШ ҳарбий-тиббиёт лабораторияларининг ўта хавфли касаллик чақирувчилари билан муомала қилишдаги “катта миқёсдаги инқирози” бўлди. Уоркнинг таъкидлашича, ушбу ҳолат АҚШда куйдирги споралари билан ишлаш, уларни рентген нурлари билан жонсизлантириш ва бундай намуналарни синовдан ўтказишда ягона умуммиллий хавфсизлик техникаси стандарти йўқлиги сабабли юз берган.

Уорк гап рақамлар билан тасдиқланаётган катта муаммо ҳақида кетаётганини қайд қилиб ўтди. “Айни босқичда шу маълумки, охирги 12 йил ичида 20 та штатдаги ва Колумбия округидаги 86 та лаборатория ҳамда еттита хорижий давлат фаолсизлаштирилган деб ўйланган, бироқ тирик бўлган спораларни олган”, деб айтди Уорк. Ушбу барча намуналар Юта штатидаги Дагуэй полигонидаги лабораториядан жўнатилган. Уорк “келтирилган рақамлар кўпайиши мумкинлигини” қўшимча қилмоқда.