"Sen Yolg’iz Emassan" Фонди Ўзбекистон термасининг Халқаро махсус ёзги Олимпиада уйинларидаги иштирокида ҳомийлик қилмоқда

Спорт 24 Июль 2015 1709

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида XIV Бутунжаҳон Махсус ёзги Олимпиада ўйинларининг очилишига бироз вақт қолди. Бу ўйинлар ҳар тўрт йилда ўтказилиб, жорий йилги мусобақада 170 давлатдан 7000 нафар спортчи қатнашади.

Интеллектуал имкониятлари чекланган инсонларга мўлжалланган Махсус Олимпиадага АҚШ президенти Жон Кеннедининг синглиси Юнис Кеннеди Шрайвер ташаббуси билан асос солинган. Биринчи Халқаро махсус ёзги Олимпиада уйинлари 1968 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган.

20 нафар ёш спортчидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси ҳам мазкур жаҳон мусобақаларида қатнашади. Ўзбекистон вакиллари спортнинг 6 хил тури, яъни бадиий ва спорт гимнастикаси, сузиш, стол тенниси, бадминтон ва енгил атлетика буйича куч синашадилар.

Қайд этиш жоизки, терма жамоанинг бу турнирда иштирок этиши ташаббусини "Sen Yolg’iz Emassan" Фонди қўллаб қувватлади ва ўз ҳомийлигини таклиф этди.

Мусобақаларга тайёргарлик машғулотлари Ўзбекистон гимнастика Федерациясининг спорт мажмуасида олиб борилди, у ерда спортчиларга яшаш, машқ қилиш учун барча шароитлар ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш ва турли соғломлаштириш муолажалари ташкил этилди.

“Болаларнинг истакларини инобатга олган ҳолда улар учун мусобақалардан олдин қизиқарли маданий дастур ташкил этдик Машҳур Диснейленд ва Юниверсал Студиос истироҳат боғларида ҳамда Тинч океани қирғоғидаги шаҳарчаларда сайр қилиш ушбу дастурдан жой олган.

Бу саёҳат болаларимиз учун унутилмас бўлиб қолади деб умид қиламиз. Биз улар билан фаҳрланамиз. Улар ниҳоятда иродали, қийинчиликларга ҳеч қачон таслим бўлмасдан доимо ғалабага интилувчи болалардир. Болалар, уларнинг ота-оналари, оила ва васийлари учун Махсус Олимпиада ўйинлари жуда ҳам муҳим бўлган халқаро ижтимоий тадбирдир. Болага бўлган меҳр ва ишонч кўп нарсага қодир деган ҳақиқат яна бир маротаба ўз тасдиғини топди!”, деб ёзади фонд раҳбари Лола Каримова-Тиллаева ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.

Кўпроқ янгиликлар