Аввал хабар берганимиздек, 24 июлдан 5 августга қадар Россиянинг Қозон шаҳрида сув спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Дунёнинг 190 давлатидан 2651 нафар спортчи иштирокида ўтказиладиган мазкур жаҳон чемпионатида Рио-2016 Олимпиадасига йўлланмалар ўйналади. 

Ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистондан 13 нафар спортчи сувга сакраш, синхрон сузиш ва сузиш бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ўз имкониятини синовдан ўтказади. Сувга сакраш ва синхрон сузиш бўйича терма жамоамиз аъзолари Қозон шаҳрида бўлиб туришибди. Делегациянинг қолган аъзолари 28 июль куни Татаристонга йўл олишади.

Бугун эса “Татнефть-Арена”да жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Мезбон сифатида Россия терма жамоаси байроғини стадион бўйлаб олиб ўтиш синхрон сузиш бўйича Олимпиада чемпиони Наталья Ишенкога топширилган. Спортчилар орасидан мусобақа қасамёдини Яна Мартинова, ҳакамлардан Алексей Акатьев қабул қилади.