Тожикистон ҳуқуқ-тартибот муассасалари мамлакат ҳудудида “ИШИД” террорчилик ташкилоти тарафдорлари томонидан тайёрланаётган бир қатор терактлар олдини олишди. Маҳаллий ОАВлар томонидан 24 июлда тарқатилган ахборот Тожикистон Ички ишлар вазирлигида ТАСС ахборот агентлиги мухбирига тасдиқланди.

“Қўлга олинганлар Сурияда ИШИД сафида жанг қилаётган ҳамюртлари билан ижтимоий тармоқлар орқали боғланишгани ва узоқ вақт давомида улардан интернет орқали гуруҳнинг мақсадлари ҳақида сўзловчи видеоматериаллар ҳамда турли йўриқномалар олиб туришганини тан олишди”, деб айтди агентлик суҳбатдоши. Унинг маълумотларига кўра, айни пайтда ҳуқуқ-тартибот муассасалари яна уч нафар эҳтимолий террорчининг изига чиққанлар.

Тожикистон давлат телевидениесининг маълум қилишича, махсус операция давомида Тожикистон ИИВ тезкор бошқармаси ходимлари “ИШИД”нинг икки нафар аъзосини қўлга олганлар. Қўлга олинганлар Тожикистоннинг тўртта вилоятида кучишлатар тузилмалар бинолари олдида ва гавжум жойларда бир қатор терактларни амалга оширмоқчи бўлган. Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари террорчиларга қарашли қўлбола бомбалар тайёрлаш учун хомашё ҳамда экстремистик адабиётлар сақланувчи бир нечта яширин жойларни йўқ қилишган.