Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг жорий йил биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий фаолияти якунлари ва келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашни жадаллаштиришга йўналтирилган фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш ҳамда тармоқда иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўзининг юксак самараларини бераётгани таъкидланди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида пўлат излар орқали ташилган юк ҳажми янада кўпайиб, 33,3 миллион тоннани ташкил этган.

Юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларнинг ишончли ва хавфсиз қатновини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида темир йўл хизматидан фойдаланган йўловчилар қарийб 11 миллионга етган.

Саноат корхоналарида 204,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, яратилган янги иш ўринлари 200дан ошган.

Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши, Мароқанд-Қарши, Қарши-Термиз, Самарқанд-Бухоро темир йўл участкаларини электрлаштириш, юк ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш, локомотивларни модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари учун 344,7 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган.

"Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони бўйлаб қурилаётган Ангрен-Поп янги электрлаштирилган темир йўл линиясидаги бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда. Лойиҳага кўра, ушбу улкан қурилиш объектида жами 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғулаш ишлари бажарилиши, 19,1 километрлик туннель, 285 cув ва 6 йўл ўтказгич, 13 темир йўл кўприги, 6 станция ва 2 вокзал бунёд этилиши кўзда тутилган. Бугунги кунгача тупроқ ва бурғулаш ишлари бажарилиб, сув ва йўл ўтказиш иншоотлари, кўприклар қурилиши тугалланди, “Орзу” вокзали, “Кўл”, “Темирйўлобод”, “Қўшминор” станциялари қуриб битказилди", – деб маълум қилди Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли қурилиши лойиҳа раҳбари Наврўз Эркинов.

Мароқанд-Қарши темир йўл участкасини электрлаштириш лойиҳасига малакали ишчилар ва замонавий техника воситалари жалб қилиниб, қурилаётган объектларда автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва электр энергия сарфини ҳисоблаш тизимини жорий этиш режалаштирилган.