Актриса ва режиссёр Анжелина Жоли камбожалик ёзувчи ва фаол Лунг Унгнинг “Улар аввал менинг отамни ўлдиришди: Камбожа қизининг хотиралари” деб номланган мемуарлари бўйича фильм суратга олмоқда. Бу ҳақда Variety гашри хабар берди.

Netflix компанияси томонидан суратга олинадиган фильмнинг сценарийсини Жоли ва Унгнинг ўзлари ёздилар. Актриса режиссёрлик қилишдан ташқари, фильмга продюсерлик ҳам қилади. Картинанинг иккинчи продюсери камбожалик режиссёр Рити Пан бўлади. Ран 1978-1978 йиллардаги оммавий қирғинларга бағишланган “Йўқолиб қолган тасвир” деб номланган фильми учун “Оскар”га номзоди қўйилган ва Канн кинофестивалида “Ўзгача назар” дастури доирасида бош мукофот билан тақдирланган.

Жолининг Камбожада дунёга келган ўғли Мэддокс фильмни суратга олиш ишларига жалб қилинади. Фильм 2016 йилнинг охирида экранларга чиқарилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, фильм муаллифлари фильмни халқаро кинофестиваллардан бирида намойиш қилишга умид билдирмоқдалар.

Лунг Унг 1975 йилда Камбожа ҳукумати тепасига қизил кхмерлар келганида 5 ёшда бўлган. Кхмерлар ҳукмронлик қилган кейинги 4 йил ичида 3,3 млн дан кўпроқ камбожалик ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Унгнинг оиласи Пномпендан чиқарилиб юборилган. Унг ота-онаси ҳалок бўлгандан кейин унинг олти нафар ака-сингиллари меҳнат лагерларига жўнатилганлар, унинг ўзи эса етимлар учун лагерда аскар қиз сифатида тайёрланган.