АҚШ ҳукумати, Америка банклари ва жамғармалари Африкада тадбиркорлик ривожи учун жами 1 млрд доллар миқдоридаги кредит маблағлари ажратади. Бу ҳақда айни вақтда Кенияда ишчи ташриф билан бўлиб турган АҚШ президенти Барак Обама маълум қилди.

"Африка дунёнинг тез суратлар билан ривожланаётган ҳудудларидан бири бўлиб турибди. Африка давлатлари қашшоқликдан чиқишмоқда. Айни вақтда улар ривожланиш босқичи арафасида туришибди", деди Обама Кения пойтахти Найроби шаҳрида бўлиб ўтаётган тадбиркорлик бўйича Глобал саммитдаги чиқишида.

Маблағларнинг бир қисми ёшлар ва аёллар ўз бизнесларини бошлашини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларга сарфланиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, Обаманинг Африка давлатларида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича ғоясини 20 нафар конгрессмен ва 200дан ортиқ сармоячилар қўллаб-қувватлаган.

Кения президенти Ухуру Кениата АҚШ президентининг ўз мамлакатига ташрифи маҳаллий иқтисод ривожланишига катта туртки бўлишига ишонч билдирган. У бу ташриф Африка қитъаси ҳамда Кениянинг дунёдаги имижи яхшиланишида хизмат қилишини таъкидлаб ўтган.

АҚШ савдо вазири Пенни Прицкернинг таъкидлашича, шу йилнинг сентябрида Нью-Йорк шаҳрида америкалик сармоядорлар ҳамда африкалик тадбиркорлар ўртасида учрашув ташкил этилади ва хорижий капитал масаласи муҳокама этилади.

Маълумот учун, Обама бундан олдин Африка қитъасига 4 марта сафар уюштирган, лекин ўз отасининг юрти бўлмиш Кенияга ташриф буюрмаган эди. У илк ташрифи вақтида Кениядаги қариндошлари билан учрашди.

Унинг Кениядаги хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШдан бир неча юз нафар махсус хизмат ходимлари етиб келган. Шунингдек, Найробида Кения полициясининг ўн мингдан ортиқ ходими (Кениядаги полициячиларнинг 25 фоизи) хавфсизликни таъминлаш учун жалб этилган.

Кения сафарини якунлагач, Обама Африка иттифоқининг бош офиси жойлашган Эфиопияга йўл олади.