АҚШ Украина ғарбида, Польша чегараси яқинида янги ҳарбий машғулотлар ўтказишга қарор қилди, деб маълум қилди АҚШ Давлат департаменти вакили Марк Тонер.

“Бу машғулотлар март ойида эълон қилинган миллий гвардия билан ўтказилган машғулотлар каби бўлади”, деб айтди Тонер.

Тонернинг айтишича, АҚШ кузда икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик доирасида Украинага мамлакат қуролли кучларининг шахсий таркибини тайёрлашга кўмак беради.

21 июль куни Украинанинг Львов вилоятида Saber Guardian/Rapid Trident 2015 халқаро машғулотлари бошланди. Машғулотларда Украина томондан 800 га яқин, НАТОга аъзо давлатлардан умумий ҳисобда 2 мингга яқин ҳарбий хизматчи (энг кўп АҚШдан) иштирок этмоқда.

Украина Мудофаа вазирлиги ушбу машғулотлар бундай форматда жорий йилда ўтказилаётган энг йирик машғулотлар эканлигини айтди.