Россия қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев Россия президенти Владимир Путиндан эмбаргога тушган маҳсулотларни чегарада йўқ қилишга рухсат беришни сўради. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилмоқда.

Путин ушбу фикрни қўллаб-қувватлади ва Кремль маъмуриятига ҳамда ҳукуматга бу масалани ҳуқуқшунослар билан ишлаб чиқишни буюрди. Бош вазир Дмитрий Медведев ҳам Ткачевнинг фикрини қўллаб-қувватлаган.

Путиннинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари Россияга санкцияга тушган маҳсулотлар олиб кирилаётганидан шикоят қилишмоқда. Ткачев қўшни давлатлар орқали бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Россия ҳудудига олиб кириш ҳолатлари қайд этилаётганини тан олди.

“Фурсатдан фойдаланиб, сиздан ва ҳукуматдан Россияга ноқонуний олиб кирилаётган маҳсулотлар жойида йўқ қилинишига рухсат беришингизни сўрайман”, деб айтди вазир. Унинг айтишича, қонун бўйича юклар орқага қайтарилиши кераклиги сабаб вазият ижобий ҳал бўлмаяпти.

Москва июнь ойида АҚШ, Австралия, Канада, Норвегия ва Европа Иттифоқи давлатларига нисбатан киритилган озиқ-овқат эмбаргосининг амал қилиш муддатини узайтирди. Энди бир қатор маҳсулотларга киритилган тақиқлов 2016 йилнинг 6 августигача амал қилади.