Тошкентда яшовчи машинасиз одамлар ўз манзилларига етиб олиш борган сайин қийинлашиб бормоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон пойтахти режалаштирилишига кўра пиёдалар эмас, балки ҳайдовчиларга мўлжалланган шаҳарга айланмоқда. Автомашинага биринчи эътибор қаратилаётган ушбу шаҳарда эса пиёдаларнинг ўз манзилларига етиб олиши қийинлашиб бормоқда.


Янги йўлларнинг қурилиши, эскиларининг кенгайиши, ер ости ва ер усти йўллари ва светофорсиз шоҳкўчаларнинг бино этилиши, трамвай йўналишларининг ёпилиши – буларнинг барчаси автомобилларга ва ҳайдовчиларга қулайликлар яратишга мўлжалланган. Аммо пиёдаларнинг қулайликлари кўп ўринда эътиборсиз қолмоқда.
Шу ҳафтада Жаҳон ресурслар институти жаҳоннинг барқарор шаҳарлари маркази (WRI Ross Center for Sustainable Cities) томонидан эълон қилинган Cities Safer by Design ҳисоботида Тошкент шаҳрининг режалаштирилишида кузатилган ана шундай бир қатор қийинчиликлар ва ўзига хосликлар ҳақида маълумотлар берилди.


Мана шундай мисоллардан бири Тошкент курантлари ҳамда Амир Темур хиёбонига яқин жойдаги маъмурий бино ўртасидаги йўл участкасидир. Бир пайтлар бу ерда пиёдалар ўтиш жойи бор эди. 2010 йилда у олиб ташланди, аммо деворлар, панжаралар, машиналар ва оқими ва ҳатто милициячилар ҳам одамларни тўхтата олмайди, негаки энг яқин ўтиш жойи 180 м нарида жойлашган. Бу муаммони ҳал қилишнинг оддий йўли ўтиш участкасини бошқатдан чизишдир.


Шунга ўхшаш вазият Ойбек ва Чехов номли кўчаларда ҳам кузатилади. Бу кўча бўйлаб яшовчилар, шунингдек, бу ердан ўтувчилардан умуман огоҳлантирмай Ойбек кўчасидан ўтадиган пиёдалар ўтиш жойи йўқ қилинди. Унинг ўрнига бир томондан майсазор, бир томондан девор кўтарилди.


Gazeta.uz мухбири ушбу ҳудудларда бўлиб, ўнлаб одамлар қандай қийинчиликларга учраётганига гувоҳ бўлди. Улар амалда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини оддий вазиятларда бузишга мажбур бўлмоқда – йўлларнинг режалаштирилиши уларни шу ишга мажбур қилмоқда. Юқорида айтилган девордан айримлар сакраб ўтишга ҳаракат қилади. Айрим милициячилар буни тўғри тушуниб, одамларни қоидабузарликда айбламаса, айримлари, ҳеч нарсага қарамай, пиёдалардан қоидаларга риоя этишни талаб қилади.
“Бир неча соат ичида кўчани пиёдалар ўтиш жойидан халос қилган хизматлар бу ерга бирор бир белги ўрнатишни лозим деб топмабдилар, – деб ёзади мухбир. – Шаҳарликларни ўзгаришлардан бохабар қилиш, умуман олганда, қабул қилинмагандир. Нега керак? Ақлли технологиялар замонида одамларнинг ўзлари ўзларини бохабар қилиб олади деб ҳисобланади”.

Манба: Gazeta.uz