Давлат статистик қўмитаси ҳисоботида келтирилишича, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ошириш ва ассортиментини кенгайтириш бўйича амалга оширилган чоралар озиқ-овқат саноати ишлаб чиқаришининг барқарор ўсишига олиб келиб, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида 6497,1 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 116,9 фоизга ўсишни кўрсатади. Республика саноатида тармоқнинг улуши – 15,9 фоизни ташкил этди.

Тармоқдаги йирик саноат корхоналари томонидан истеъмол молларининг қуйидаги турлари бўйича ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўсган: гўшт консервалари – 3,2 мартага, гўшт ва ўсимлик консервалари – 1,6 мартага, шакар – 1,5 мартага, узоқ сақланмайдиган нон маҳсулотлари – 21,2 фоизга, сариёғ – 17,7 фоизга, ишлов берилган суюқ сут – 16,1 фоизга, чой – 16,0 фоизга, нон (биринчи навли ундан тайёрланган буғдой нони) – 11,6 фоизга.

Шунингдек, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан узум виноси ёки узум турпини дистилляциялаш натижасида олинган спирт настойкалари ишлаб чиқариши 14,0 фоизга, минерал сувлар (табиий, ширинлик қўшилмаган) ишлаб чиқариш 1,4 мартага, чой ичимликлари ишлаб чиқариш 1,4 мартага, пиво ишлаб чиқариш 5,4 фоизга ошди.