Олма-отада турли табиий офатлардан жон сақлашга ёрдам берадиган мини-бункерлар сотилмоқда

Жаҳон 26 Июль 2015 3864

Олма-отада турли табиий офатлардан сақловчи Японияда ишлаб чиқарилган қутқарув капсулалари сотилмоқда.

Market.kz сайтида чоп этилган ушбу бункерларнинг рекламаси муаллифларининг айтишича, куни-кеча Олма-отада юз берган сел туфайли япон мини-бункерларига талаб бироз ошган. Бунга бункерларнинг нархи (5 минг доллар) ва ўлчамлари сабаб бўлган. Бункер нисбатан кам оғирликка (80 кг) эга бўлсада, у 1,5 кв метр жойни эгаллайди. Яъни замонавий эшик тирқишларига бу бункер сиғмайди. Уни олиб кириш учун эшикларни ёки ойналарни олиб туриш керак бўлади.

Шар кўринишидаги бункерларнинг самарадорлигини ушбу ихтиронинг имкониятлари намойиш қилинган роликлар орқали ҳам кўриш мумкин. Бункер сувда чўкмайди, плиталар тушиши оқибатида бузилмайди, ўзининг ёрқин ранги эвазига вайроналар орасида яққол кўриниб туради.

Қутқарув бункерлари савдогарлари “зилзила пайтида уй тўлиқ қулаши, сочилиб кетиши мумкин, бироқ капсула бешикаст қолади” деб ишонтирмоқдалар.

Шунингдек, Олма-отада эгилувчан тўрсимон тўсиқлар ҳам сотилмоқда. Бу тўсиқлар дараларда ўрнатилади. “Тўсиқлар сув оқимини тўхтата олмайди, бироқ катта тошлар ва парчалар улардан ўта олмайди”, деб айтилмоқда Krisha.kz чоп этилган хабарда.

Кўпроқ янгиликлар