Одесса шаҳридаги "Ибица" клуби россиялик рэпер Тиматининг концертини бекор қилди. Бу қарор Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили бу қўшиқчини Украинада кўришни истамаслигини маълум қилганидан кейин қабул қилинди.

Концернинг бекор қилингани ҳақида клубнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида ёзилган.

"Ҳурматли Mikheil Saakashvili. Сизга бизнинг клуб ҳақида билдирган илиқ фикрларингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Тимати бир неча йиллардан буён клубимизда чиқиш қилиб келади. Уни бу йилги тадбирга ҳам таклиф қилгандик. Лекин бунинг сиёсий томонини ҳисобга олмаган эканмиз. Биз сизнинг қарашларингизни ҳурмат қиламиз. Тиматининг концертини бекор қиламиз", дейилади хабарда.

Бироз олдинроқ, Саакашвили ўз фейсбуки орқали Тиматининг Украина ҳақида гапирган номуносиб гапларини эслаб, уни қонхўр Рамзон Қодировнинг яқин одами ҳамда Россиянинг Украинага нисбатаб агрессив сиёсатини қўлловчи шахс сифатида билишини айтган ва "Ибица" клубига уни чақирмасликни тавсия қилганди.