Бугун, 27 июль куни Швейцариянинг Гштаад шаҳрида теннис бўйича соврин жамғармаси 494,310 еврони ташкил этувчи турнирнинг асосий тўр баҳслари старт олди. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик Денис Истомин ҳам иштирок этади.

Қуръа натижасига кўра мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси илк даврада саралаш мусобақаси ғолибларидан бири франциялик Максим Тейшерага қарши кортга чиқади. Агар Денис Тейшера тўсиғидан муваффақиятли ўтса, иккинчи даврада швейцариялик Хенри Лааксонен ва португалиялик Жоао Соуза учрашуви ғолиби билан тўқнаш келади.

Бу йил юбилей 100-маротаба ташкил этилаётган Гштаад турнири ғолиби 80 минг евро мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади. Финалчи 42100 евро ва 150 рейтинг очкосини қўлга киритади. Биринчи даврада қатнашган теннисчилар эса 4535 еврога ўз ҳамёнларини бойитиб олишади. Лекин бу босқичда мағлуб бўлганларга очко берилмайди.