Россия терма жамоасига Евро-2016 саралашининг қолган ўйинларида ЦСКА бош мураббийи Леонид Слуцкий бош мураббий бўлиши ҳақидаги хабар Россия спорт ишлари вазири Виталий Мутко томонидан инкор қилинди.

"Матбуотда терма жамоанинг янги бош мураббийи номини эълон қилиб юборишибди. Улар жуда шошилишган", дейди Мутко ТАСС нашрига берган интервьюсида.

26 июль куни "Наш футбол" телеканали журналисти Нобель Арустамян Леонид Слуцкий номзоди Мутко ва Россия футбол иттифоқи томонидан терма жамоа бош мураббийлигига маъқуллангани ҳақида айтган ва ОАВлар бу маълумотни тарқатганди.

Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни терма жамоа италиялик мутахассис Фабио Капелло билан шартномани бекор қилган, унинг ўрнига келадиган мутахассис номи 25 июль куни ЖЧ-2018 турнирининг саралаш босқичи учун ўтказилган қуръа ташлаш маросимидан кейин эълон қилиниши айтилганди.