НАТО Туркиянинг сўрови бўйича 28 июлда мажлис ўтказади. Бу ҳақда НАТО сайтида маълум қилинди.

“НАТОнинг барча 28та аъзо давлатларини ўз таркибига олувчи Шимолий-атлантик кенгаш Туркиянинг талабига кўра НАТОни ташкил қилиш ҳақидаги Вашингтон шартномасининг 4-моддасига мувофиқ, маслаҳатлар ўтказиш учун 28 июлда учрашади”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 4-моддага мувофиқ, НАТОнинг исталган иттифоқчиси унинг фикрича, ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлиги хавф остида қолаётган бўлса, ташкилотдан маслаҳат сўраши мумкин.

“Туркия охирги кунларда мамлакатда содир этилган ваҳшиёна терактлардан кейин вазиятнинг жиддийлигини ҳисобга олиб ҳамда мамлакат томонидан бунга нисбатан кўрилаётган чоралар ҳақида иттифоқчиларга ахборот бериш учун учрашув ўтказишни талаб қилди. НАТО бўйича иттифоқчилар воқеалар боришини синчковлик билан кузатмоқдалар ва Туркияга ҳамжиҳатлик билдирадилар”, деб таъкидлаб ўтилди хабарда.