Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, Термиз шаҳрининг 2035 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди. Бу ҳақда "Газета.уз" нашри хабар қилган.

Сурхондарё вилояти марказининг бош режаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик ва коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳақидаги қарори асосида ишлаб чиқилган.

Бош режага кўра, Термиз шаҳрининг марказий қисмини реконструкция қилиш, экологик жиҳатдан зарарли корхоналарни шаҳар ташқарисига кўчириш, ҳудудлар ва транспорт йўллари ҳолатини яхшилаш ҳамда аҳоли учун зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминланган янги уйлар қуриш кўзда тутилган.

Режалаштирилишича, биринчи навбатда шаҳар аҳолиси 2020 йилгача 155 минг кишига етказилади (айни пайтда бу миқдор 136,3 минг киши), 2035 йилда эса Термизда 195 минг киши яшаётган бўлади. Шаҳарда аҳоли яшайдиган ҳудуд майдонлари 2035 йилга бориб 3,51 миллион кв метрни ташкил этади.

Шунингдек, шаҳарнинг умумий майдони 2,78 минг гектардан (2014 йил ҳолатига кўра) 4,341 минг гектарга етказилиши режалаштирилган. Бу Термиз шаҳри таркибига Паттаккесар посёлкаси тўлиқ, Мангузар, Чегара, Намуна, Пахтакор, Гулистон, Тинчлик посёлкалари қисман киритилиши эвазига амалга оширилади.