Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган халқаро хотира турнирида ўзбекистонлик Суҳроб Хўжаев босқон улоқтириш мусобақасида 78.22 метр натижа билан 2016 йилги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.

Мазкур мусобақада иштирок этган яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи совринли ўринларни эгаллади. Сергей Дементьев диск (54.12 м.) ва ядро (19.37 м.) улоқтириш баҳсларида олтин медални қўлга киритган бўлса, узунликка сакрашда Тимур Хуснулин 7.66 метр кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллади.

Шу тариқа, ўзбекистонлик енгил атлетикачилар томонидан XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига қўлга киритилган йўлланмалар сони 3тага етди.

Маълумот учун, бунга қадар Ситора Ҳамидова (марафон) ва Светлана Радзивил (баландликка сакраш) тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишган эди.