Москванинг ЦСКА жамоаси бош мураббийи Леонид Слуцкий ўз иши билан параллел равишда Россия терма жамоасига ҳам мураббийлик қилади ва терма жамоани Евро-2016 саралашининг қолган ўйинларига олиб боради. Бу ҳақда "Наш футбол" телеканали эфирида журналист Нобель Арустамян маълум қилган.

"Мен ҳозирча Слуцкий саралаш босқичининг охирига қадар терма жамоа билан ишлаши ҳақидаги маълумотни биламан. Бу босқич якунланганидан сўнг бу масала бошқатдан кўриб чиқилади.

Слуцкийнинг номзодини Россия футбол иттифоқи ҳам, спорт ишлари вазири Виталий Мутко ҳам бирдек маъқуллашди. Бу қарорга ЦСКА хўжайини Евгений Гинер ҳам розилигини билдирган.

Слуцкий билан унинг ўзини кўрсатиши учун етарли муддатга шартнома тузилди. Бу менимча оптимал ечим бўлади. Унинг раҳбарлигида камида 4та ўйин ўтказилади", дейди Арустамян.