Шу йилнинг 1 август кунидан Андижон шаҳрида янги автобуслар ҳаракатлана бошлайди. Айни пайтда "Шаҳрихонтранс" базасида лизинг асосида Самарқанддан келтирилган 140 донаа "Isuzu" русумли автобуслар сақланмоқда. Бу ҳақда Kun.uz манбаларидан бири маълум қилди.

Манбанинг маълум қилишича, 1 август кунидан 20та, 1 сентябрдан эса яна 120та шундай автобуслар халқ учун хизмат қила бошлайди.
Хабар қилинишича, автобусларнинг ҳар бирининг нархи 189,9 млн сўмдан ҳисобланган.
Айни вақтда ижтимоий тармоқларда шундай автобусларнинг суратлари тарқалган бўлиб, фойдаланувчилар бу янги автобуслар шаҳардаги "Дамас"ларга рақобатчи бўлиши ва уларнинг арзонлашишини тахмин қилган.

Яна бир фойдаланувчи эса, бу фикрни қўллаган ҳолда, "Дамас" автомобили жамоат транспорти сифатида баъзи ноқулайликларга эгалигини, унга чиқиш ва тушишдаги муаммолар барча мижозларга ҳам ёқавермаслигини қайд этган.

Шунингдек, шаҳарда жамоат транспорти бўйича рақобат мавжуд эмаслиги туфайли "дамасчилар" йўл ҳақларини мустақил равишда ўзгартиришлари, битта йўналиш учун белгиланган 500 сўмлик нарх, қош қорая бошлагач, масофанинг узунлигига кўра 1500 сўмгача кўтарилиб кетиши қайд этиб ўтилган.
Маълумот учун, Андижон шаҳрида "Дамас" ҳайдовчилари "Клиника" бекатидан Эски шаҳаргача 500 сўм, Янги бозоргача 1000 сўм, шаҳар ташқарисидаги энг охирги бекатгача эса 1500 сўмлик нарх "ўрнатишган".
Эндиликда эса, янги автобуслар бутун масофа бўйлаб 800 сўмдан қатнаши мумкинлиги айтилган.