Германиядаги ресторан грек инқирозига “бағишланган” тематик таомнома ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда TheLocal.de портали.

Бу таомнома таклиф қилинаётган Берлиндаги ресторанга грециялик Георгиос Хриссиди эгалик қилади.

“Инқирозий” таомлар, мисол учун, Греция молия вазири Янис Варуфакис ва бош вазир Алексис Ципрас шарафига аталган. Бундан ташқари, мижозларга Германия канцлери Ангела Меркель номи билан аталувчи ширинлик, Германия молия вазири Вольфганг Шойбле номи билан аталувчи таом таклиф қилинмоқда.

Ресторан эгаси Хриссиди Грецияда туғилган ва 24 йилдан бери Германияда истиқомат қилиб келади. Унинг Берлиндаги ресторани Ўрта Ер денгизи ошхонасига мансуб таомлар тайёрлайди.

Хриссиди “инқирозий” таомнома яратиш ғояси унда икки ҳафта бурун пайдо бўлганини, бироқ дастлаб мижозлар бу фикрга салбий муносабат билдиришларидан хавотирланганини айтди. Унинг айтишича, кейинроқ одамлар бундай таомномани антиқа деб ҳисоблашлари маълум бўлди.

“Инқирозий” таомларни августнинг ўрталаригача тановвул қилиш мумкин.