Индонезиянинг Ғарбий Папуа вилоятида 7,0 магнитудали кучли зилзила рўй берди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Германиянинг Ерни тадқиқ қилиш маркази маълумотларига кўра, зилзила ўчоғи 10 км чуқурликда жойлашган бўлган.

Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумотлар келиб тушмаган.

Индонезия Тинч океани аланга ҳалқаси деб номланувчи кучли тектоник ёриқнинг бир қисми ҳисобланади. Ер шарининг бу ҳудудида энг фаол тектоник плиталар мавжуд бўлиб, улардан бири йилига 7 см тезлик билан ҳаракатланади. Сейсмологлар ҳар йили бу ҳудудда 4,0 магнитудадан юқорироқ кучга эга бўлган 6-7 мингта зилзила қайд қилишади.