“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгашининг жорий йил олти ойи якунлари бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, Бирлашма ходимлари, Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Дастлаб Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзонинг йиғилиш кун тартибидан ўрин олган масалаларга ўтишдан аввал Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган долзарб вазифаларга эътибор қаратди. Ушбу қарордан келиб чиқиб Кенгаш ҳамда унинг ижрочи органи ҳисобланган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан амалга оширилиши зарур бўлган ишларни таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари “Истиқлол” санъат саройида ўтказиладиган концерт дастурларидаги қўшиқларнинг камида 60 фоизи жонли ижро этилишини кўзда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш таклифи ҳам Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.