НАТОга аъзо давлатларнинг элчилари Туркия талабига кўра тўпланган учрашувда ушбу мамлакатда охирги кунларда содир этилган терактларни қоралаб чиқишди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.
Учрашув якунига кўра эълон қилинган коммюникеда Туркияга бу борада ёрдам кўрсатиш йўналишида ҳеч қандай конкрет чоралар кўрсатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун Туркия жандармлари Арзирум вилоятидаги бўлинмага ҳужум уюштирган уч нафар жангарини йўқ қилди. Уларнинг Курдистон ишчи партиясига алоқадорлиги айтилмоқда. Маҳаллий телевидение орқали хабар берилишича, келиб чиққан отишмада учала жангари ҳам ўлдирилган.
Шу билан бирга, мамлакат жануби-шарқидаги Муш вилоятида жангарилар жандармерия гарнизони командирининг машинасини ўққа тутган. Машинада унинг рафиқаси ва боласи бўлган. Уларга зиён етмаган, аммо зобитнинг ўзи олинган жароҳатлардан вафот этган.
Бундан ташқари, душанба куни Ван вилоятидаги автотрассада жандармлар ва жангарилар ўртасида отишма юзага келди. Экстремистлар йўлни тўсиб қўйиб, ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини текшириб, “шубҳали”ларни ўтказишмаган. Улар битта юк машинасига ўт қўйган. Воқеа жойига етиб келган жандармларга қарата автоматик қурол ва гранатомётлардан ўқ узилган. Жиноятчилар яқин атрофдаги тоғларга беркинишга улгурган, уларни қидириш бўйича махсус операция бошлаб юборилган.