Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-полковник Қ.Бердиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз олий ўқув юртларида ахборот-коммуникация ва компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг замонавий усул ва шакллари жорий этилаётганини таъкидлади. Юксак профессионал кўникма, интеллектуал салоҳият ва ташкилотчилик қобилиятига эга, ҳар қандай вазиятда мустақил қарор қабул қилишга қодир офицер кадрларни тайёрлашнинг самарали тизими йўлга қўйилган.

Ихчам, тез ҳаракатланадиган ва замонавий қурол-яроғ билан таъминланган, Ватанимизни ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучларнинг ташкил этилгани миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Айни пайтда миллий ва хорижий тажриба инобатга олинган ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Академияда ўқитиш жараёнида айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Академияда ўқиш давомида ўз билим ва кўникмаларимни янада бойитдим, – дейди майор В.Сатуров. – Тўққиз йил аввал Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини аъло баҳоларга битириб, турли ҳарбий қисмларда хизмат қилдим. Шу вақт мобайнида тўплаган тажриба ва кўникмаларим мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини асрашда қўл келаётир. Бундан буён ҳам Ватанимга садоқат билан хизмат қилиш, Ўзбекистоннинг ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш учун бор куч ва билимимни аямайман.

Роман Бондарчук, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА