Бахром Норсафаров бошчилик қилаётган Ўзбекистон U-16 аёллар терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтаётган халқаро турнирда иштирокини бошлади, деб хабар берди Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий веб сайти.

Ушбу турнир бу жамоага шу йилнинг 4 — 9 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаяпти.

Вейфанг шаҳрида бўлиб ўтаётган турнирда Ўзбекистон U-16 аёллар терма жамоасидан ташқари Хитой, Малайзия ҳамда Қирғизистон жамоалари иштирок этмоқда.

Дастлабки учрашувда Бахром Норсафаров шогирдлари Малайзияга қарши майдонга тушиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Ўзбекистонлик қизлар рақиб дарвозасини 10 бора аниқ нишонга олиб, ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди.

Ўзбекистон U-16 аёллар терма жамоаси ушбу турнирдаги кейинги ўйинини 29 июль куни Қирғизистонга қарши ўтказади. Хитой терма жамоасига қарши ўйин эса 31 июлда бўлиб ўтади.

U-16 аёллар терма жамоалари иштирокида

Халқаро ўртоқлик турнири.

Ўзбекистон - Малайзия - 10:0 (5:0)

Голлар: С. Нормуродова (5,50,71), Ш. Қурбонова (12,43,64,68 ), М. Шоимова (27), М. Панжиева (34), Л. Шодиева (48 ).