Туркманистон Фанлар Академияси сейсмология ва атмосфера физикаси институтида Россия Фанлар Академияси амалий математика институти илмий ходими Игорь Молотов билан учрашув бўлиб ўтди. Унда астрономик телескоплар ёрдамида фазо жисмларини кузатиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, Ашхобод яқинидаги Душақ-Эрекдағ тоғида, денгиз сатҳидан 2 400 м баландликда астрономик обсерватория жойлашган бўлиб, унда катта диаметрли ойналарга эга учта телескоп ўрнатилган. У дунёдаги энг яхши обсерваториялардан бир ҳисобланади: унда йилига 2 100 соат кузатув ишлари олиб борилади. Ушбу обсерваторияни модернизация қилиш кўзда тутилмоқда.

“Туркманистон геостационар орбитада ўз сунъий йўлдошига эга эканлигини ҳисобга олсак, биз сизнинг мутахассисларингиз ва олимларингиз билан унинг хавфсизлигини таъминлаш ва тегишли тадқиқотлар олиб боришга тайёрмиз, – деди Игорь Молотов ўз чиқишида. – Бу жиҳатдан Душақ-Эрекдағ обсерваториясининг ишини қайтадан тиклаш муҳим аҳамият касб этади”.

Айни кунда обсерваториянинг ҳар учала телескопи модернизацияга муҳтож. Мутахассисларнинг фикрича, муассасанинг TürkmenÄlem 52°E фазо аппарати хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиши башоратлар аниқлигини оширишга хизмат қилади. Бу ишлар, шунингдек, минтақадаги бошқа йўлдошлар ишини осонлаштириши мумкин.