Яқинда Японияда нашр этиладиган «The Sekai Nippo” газетасида “Самарқанд: Шоҳи Зинда мажмуининг гўзаллиги ва улуғворлиги» сарлавҳали мақола босилиб чиқди. Мақола мазкур газета журналисти Сусуми Фуджихаши томонидан ёзилган.

Мақолада шоирлар томонидан «Шарқ марвариди», дея таърифланган Самарқанд кўҳна тарихга эга эканлиги қайд этилади. Буюк Амир Темур бошқаруви даврида шаҳар илм-фан ва маданият марказига айлангани ҳолда шитоб билан ривожлангани япон ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилинган.

«Афросиёб шаҳарчасидан унча узоқ бўлмаган масофада Самарқанднинг ажиб ва бетакрор меъморий ёдгорликларидан бири - Шоҳи Зинда мажмуаси жойлашган, деб ёзади муаллиф. Унда мовий рангда товланиб турадиган мақбаралар кетма-кет жойлашган. Шоҳи Зинда кўҳна Самарқанднинг гўзаллиги ва маҳобати билан кишини ҳайрон қолдирадиган меъморий ёдгорлигидир».

Муаллиф ўз мақоласида Шоҳи Зинда ансамбли нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки машҳур зотларнинг абадий оромгоҳи эканлиги ҳақида атрофлича тўхталган.