Афғонистондаги Ўзбекистон элчихонасида мамлакатнинг иқтисодий ва инвестицион салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда Афғонистоннинг расмий ва тижорий доиралари вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва келажакдаги истиқболлари билан батафсил таништириб чиқилди. Айниқса “Ўзинтеримпекс”, “Ўзсаноатмашимпекс” ва “Ўзмарказимпекс” корхоналарининг фаолиятига алоҳида урғу берилди. Ушбу корхоналарнинг маҳсулотларини Афғонистонга экспорт қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Тадбир якунида тараққиётнинг ўзбек моделига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Афғонистон Савдо-саноат палатаси раиси Атиқуллоҳ Нусрат “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Афғонистон товарлари учун истиқболли бозор ҳисобланишини таъкидлаб ўтди. Жумладан, ўзбекистонлик мутахассислар томонидан қурилган Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўл линияси Афғонистоннинг иқтисодий тараққиётида муҳим роль ўйнаши алоҳида қайд қилиб ўтилди.