Amnesty International халқаро ташкилоти Триполи суди томонидан Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Каддафининг ўғли Сайф ул-Исломга ўқилган ўлим ҳукмини қоралаб чиқди. Бу ҳақда Лондонда штаб-квартираси жойлашган халқаро ҳуқуқий ташкилот тарқатган баёнотда айтилди.

“Ливия раҳбарияти Сайф ул-Исломни халқаро жиноий судга топширишдан бош тортди, бу билан улар миллий даражада адолатни таъминлай олишини кўрсатмоқчи эди. Шунга қарамай, улар бунинг уддасидан чиқа олмади, унга нисбатан кўплаб ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилди. Унинг ишини кўриб чиқиш ва ҳукм ўқилиши амалда олдиндан ҳал қилиб қўйилган сценарий асосида бажарилди, улар жавобгарга адвокат тақдим этмай, уни махфий жойда тутишда давом этмоқда”, – деди ташкилотнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича лойиҳалари директори Филип Лютер.

41 ёшли Сайф ул-Ислом Каддафи 2011 йилнинг февралида ҳибсга олинган эди.