Британия полицияси майда ўғриликлар билан шуғулланишни тўхтатади
Британия полицияси зобитлари уйлардаги майда ўғриликлар билан шуғулланишни тўхтатади. The Daily Mail нашрининг Буюк Британия полиция раҳбарлари миллий кенгаши раиси Сара Торнтонга таянган ҳолда ёзишича, бундай ўзгаришлар полиция бюджетининг 4 йил ичида 25 фоизга қисқариши билан боғлиқ.
Торнтон хонимнинг сўзларига қараганда, Британияда жиноятчилик ўз йўналишини ўзгартирди – машиналарни олиб қочиш ва майда ўғирликлар сезиларли даражада камайди.
Унинг айтишича, кейинги 10 йил ичида полицияда 70 минг иш ўрни қисқартирилади.
“Биз асосий диққатни бошқа долзарб муаммоларга – жинсий характердаги жиноятлар, террорчилик ва кибержиноятчиликка қаратишимиз керак”, – таъкидлади у.
Полиция раҳбарининг фикрича, констеблларда майда ўғриликлар билан шуғулланишга имконият етмайди: “Бизда танлов бор. Агар биз, айтайлик, болаларни ҳимоя қилишга эътибор қаратсак, майда талончиликларни фош қилишга кучимиз етмайди – жиноят жойига шунчаки вақтида етиб бора олмаймиз. Истиқболларни белгилай билиш керак”.