Мексикада аёлларнинг қотиллари қарийб 700 йилга қамалди

Жаҳон 29 Июль 2015 1745

Мексиканинг Чиуауа штати суди аёлларни ўлдиришда айбланаётган гуруҳнинг барча 5 аъзосини 697 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда штат суди вакиллари маълумот берди.
Жиноятлар 2009-2010 йилларда содир этилган, таналарнинг қолдиқлари эса 2012 йили топилган. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, жиноий гуруҳ аъзолари ёш аёлларни алдаб, уларни фоҳишалик ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишга мажбур қилган. Аёллар гўзал ташқи кўринишини йўқотгач, улар ўлдирилган, таналари эса кўмиб ташланган.
Бундан ташқари, айбдорлар ҳалок бўлганларнинг оилаларига 9 млн песо (550 минг доллар) товон пули тўлайди.
Миллий статистика ва география институти маълумотларига қараганда, 2007-2012 йиллар орасида аёлларнинг ўлдирилиши Мексикада 155 фоизга ошиб, 2.7 минг кишини ташкил қилган. Аммо бундай жиноятларнинг фақат 16 фоизи тергов органларигача етиб боради.

Кўпроқ янгиликлар