Microsoft корпорацияси ҳуқуқшунослари корпорациянинг маҳсулотларидан ноқонуний тарзда фойдаланувчи юридик шахсларни антиқа усул – вакансиялар сайтида ишга олиш бўйича жойлаштирилган эълонлар орқали аниқлаш усулини синовдан ўтказишди, деб хабар бермоқда E1.ru портали.

Шу тарзда Екатеринбургда бир “қароқчи” компания аниқланди. Компания MS Office дастурида ишлашни биладиган менежер ёрдамчисини қидираётгани ҳақида эълон жойлаштирган. Ушбу компаниянинг дастурдан фойдаланиш лицензиясига эга харидорлар рўйхатида номи бўлмаган.

Microsoft Свердловск вилояти ҳакамлик судига мурожаат қилиб, компаниянинг офисидаги компьютерларни текширишга рухсат олди. Текшириш натижасида компанияда Windows XP ва Microsoft Office дастурларининг ноқонуний версияларидан фойдаланилаётгани аниқланган. Microsoft зарарни 100 минг рублга баҳолаб, ушбу ҳолат бўйича суд ишини ютиб чиқди.