Муниса Ризаеванинг янги концерти реклама баннеридаги ёзув борасидаги баҳс ёхуд нима учун Сергей Лазарев Тошкентда жанжал кўтарди

Ҳозирда Тошкент бўйлаб Муниса Ризаеванинг 19-21 октябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган концерти реклама баннерлари осиб ташланган.

Sayyod.com’нинг маълум қилишича, баннердаги “Фонограммадан фойдаланилади” ёзуви мухлислар орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда. Хонанданинг ўзи ушбу концерт жонли бўлиши ва фақатгина мусиқа фонограммада, яъни “минусовка”да ижро этилишини маълум қилди.

“Афсуски, концертда озгина бўлса ҳам фонограмма ишлатилса ҳам, баннерда бу жонли ижро деб ёзишга рухсат берилмайди. Концертнинг баннерида фонограммадан фойдаланиш ҳақида ёзув мавжуд. Мен ўз овозимга ишонаман ва жонли куйлашимни маълум қиламан. Менинг қўшиқларим мусиқасида мураккаб электрон эффектлар мавжудлиги сабабли биз минусовкадан фойдаланишга мажбурмиз. Ўзингизга маълум, бугунги кунда шундоққина микрофондан чиқаётган овозни тозалаб, уни ўзгартира оладиган дастурлар мавжуд. Мен тингловчиларни бундай йўл билан алдамоқчи эмасман, ўз овозимни борича кўрсатмоқчиман ва энг асосийси, концертга қанча меҳнат сарфланганини намойиш қилиб, концерт аъло даражада ўтиши учун 100 фоиз кучимни бағишламоқчиман”, деб айтмоқда Муниса Ризаева.

Россиялик таниқли хонанда Сергей Лазарев Тошкентга ташриф буюриб, ўз концерти реклама баннерида фонограмма ишлатилиши ҳақидаги ёзувни кўрганида жанжал кўтарганди.

“Нима учун сизда минусовка ишлатилса, албатта, бутун концерт фонограммада ижро этилади деб ёзиш керак? Ахир мен жонли куйлайман. Нима учун баннерда буни фонограмма деб ёзиш шарт? Ахир овоз жонлику!”, деб жаҳл билан айтганди хонанда.

Sayyod.com сайти кейинчалик шундай тушунмовчиликлар бўлмаслиги мақсадида масъул идоралар мавжуд тартибини кўриб чиқиб, “Жонли овоз ва фонограммада ижро этиладиган мусиқа” деган янги ёзувни киритишлари кераклигини қайд этган.