Россиянинг Ярославль шаҳрида махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларининг ИШИД билан боғлиқ таҳдидларга қарши кураш масалаларига бағишланган икки кунлик йиғилиши бўлиб ўтади.

Интерфакс агентлигининг маълум қилишича, унда 64 давлатдан 92 делегация, шунингдек, ШҲТ, БМТ, МДҲ, ЕИ вакиллари иштирок этади.

ИШИДнинг асосий кадр ресурси ҳисобланувчи хорижлик жангариларга қарши кураш масаласи алоҳида муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, иштирокчилар ахборот алмашиш ва йирик халқаро тадбирларда хавфсизликни таъминлаш масаласини кўриб чиқишади. Бу борада айниқса 2018 йили Россия ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати хавфсизлигини таъминлаш масаласига биринчи ўринда эътибор қаратилади.