Охирги кунларда Туркияда амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатлари 41 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Улардан 11 нафари полициячи ёки ҳарбий эди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Аҳмад Довудўғли баёнот берди.

“Учта террорчи ташкилот (ИШИД, КИП ва Инқилобий халқ озодлик партияси) бир пайтнинг ўзида Туркияга қарши ҳужумларини бошлади. Суручдаги терактдан бошлаб турли миқёсдаги 657 теракт содир этилди, мамлакатнинг 41 фуқароси, шу жумладан, 11 полициячи ва ҳарбий ҳалок бўлди”, – деди у ўзи бошчилик қилаётган Адолат ва тараққиёт партияси фракциясининг йиғилишида қилган чиқишида.

Бош вазир депутатларни ҳукумат террорчиликка қарши курашга барча кучларини сафарбар этишига ишонтирди: “Бизнинг кучимиз нафақат 3та, балки 33та террорчи ташкилотга қарши курашишга етади”.

Эслатиб ўтамиз, бугун Туркия жандармлари Арзирум вилоятидаги бўлинмага ҳужум уюштирган уч нафар жангарини йўқ қилди. Уларнинг Курдистон ишчи партиясига алоқадорлиги айтилмоқда. Маҳаллий телевидение орқали хабар берилишича, келиб чиққан отишмада учала жангари ҳам ўлдирилган.

Шу билан бирга, мамлакат жануби-шарқидаги Муш вилоятида жангарилар жандармерия гарнизони командирининг машинасини ўққа тутган. Машинада унинг рафиқаси ва боласи бўлган. Уларга зиён етмаган, аммо зобитнинг ўзи олинган жароҳатлардан вафот этган.

Бундан ташқари, душанба куни Ван вилоятидаги автотрассада жандармлар ва жангарилар ўртасида отишма юзага келди. Экстремистлар йўлни тўсиб қўйиб, ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини текшириб, “шубҳали”ларни ўтказишмаган. Улар битта юк машинасига ўт қўйган. Воқеа жойига етиб келган жандармларга қарата автоматик қурол ва гранатомётлардан ўқ узилган. Жиноятчилар яқин атрофдаги тоғларга беркинишга улгурган, уларни қидириш бўйича махсус операция бошлаб юборилган.