“Евросеть” ва “Связной” тармоқлари Samsung смартфонларини сотиб олишдан бош тортди

Жаҳон 30 Июль 2015 4250

Россиянинг “Евросеть” ва “Связной” тармоқлари дўкон тармоқлари, шунингдек, “Мегафон” ва “Билайн”нинг чакана савдо тармоқлари Samsung смартфонларини сотиб олишдан бош тортди. Бу ҳақда 30 июль куни “Ведомости” газетаси хабар берди. Ритейлерлар етказмаларда яроқсиз моллар миқдорининг жуда катталигидан нолимоқда. МТС, ўз навбатида, ушбу қарорни рақобат билан боғламоқда. Айтилишича, Россиянинг мобил ускуналар сотишга ихтисослашган ушбу энг йирик савдо тармоқлари бир неча ойдан буён Жанубий Корея гигант корпорацияси маҳсулотларини сотиб олмай қўйган. “Евросеть” раҳбари Александр Малис ёз бошидан буён Samsung билан алоқа қилмай қўйганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, етказмалардаги яроқсиз моллар улуши 7 фоиздан ошиб кетмоқда. Малиснинг таъкидлашича, муаммони тўғридан-тўғри компаниянинг Москвадаги офиси орқали ҳал қилиш ҳаракати муваффақиятсизликка учради, шу боис салонлар тармоғи корпорациянинг Жанубий Кореядаги марказига расмий эътироз йўллади. “Связной” эса нафақат смартфонлардан, балки компаниянинг планшетли компьютерларидан ҳам воз кечди. Бу ҳақда тармоқ вакили Мария Заикина маълумот берди. У ҳам қарорни нуқсонли ускуналарнинг кўплиги билан тушунтирди. Samsung’нинг Россиядаги вакили Яна Рожкова бу айбловларга қўшилмади. Унинг фикрича, Samsung техникаси юқори сифатга эга, шу боис харидорлар унинг маҳсулотларига жуда кам эътироз билдиради.

Кўпроқ янгиликлар