Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг навбатдаги, 128-сессияси пайшанба куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда очилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Мазкур сессияда кўриладиган асосий масала 2022 йилда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинлари мезбон шаҳрини аниқлаш бўлади. Олма-Ота ва Пекин шаҳри номзодлик қилаётган мазкур мусобақа мезбонлиги 31 июль куни аниқ бўлади.

Ҳозирда мазкур мусобақа мезбонини аниқлаш учун 105 нафар одам овоз бериш ҳуқуқига эга. Шунингдек, Куала-Лумпурда 2020 йилги ёшлар ўртасидаги Қишки Олимпиада ўйинлари мезбони ҳам аниқланади. Ҳозирча бу номга Швейцариянинг Лозанна ва Руминиянинг Брашова шаҳарлари даъвогар бўлиб туришибди.

ХОҚнинг 128-сессияси 3 августга қадар давом этади.