Осиё футбол конфедерациясида УЕФА раҳбари Мишель Платинини Халқаро футбол федерацияси президентлиги учун ягона муносиб номзод сифатида ҳисоблашмоқда. Бу ҳақда ОФКнинг расмий сайтида хабар қилинган.

"Платини ФИФАда юзага келган тарангликни юмшатиш ва вазиятни барқарор қилишга қодир бўлган ягона номзод бўлиб турибди. У шундай оғир кунларда ташкилот учун керак. ФИФА жуда мушкул вазиятга тушиб қолган. Бундан чиқиш учун ташкилотга етакчи керак. Ишонамизки, ФИФАнинг янги раҳбари муаммоларни ҳал қилади. ФИФА президенти ташкилотнинг бир қисми сифатида ўта муҳим шахс ҳисобланади. ОФК ҳамиша ФИФА билан қалин алоқаларда бўлган ва бундан кейин ҳам муносабатларни шу руҳда сақлаб қолишни истайди", дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Мишель Платини 29 июль куни ФИФА президентлиги учун сайловда иштирок этишини расман маълум қилди.

Ташкилот раҳбарлиги учун навбатдан ташқари сайлов 2016 йилнинг 26 февралига белгиланган. Ўша кунгача ташкилотни амалдаги президент Йозеф Блаттер бошқариб туради.

Сайловда иштирок этмоқчи бўлганларнинг аризалари шу йилнинг 26 октябригача қабул қилинади.

Маълумот учун, шу вақтгача, собиқ футболчи Давид Жинола, бразилиялик мураббий Зико, аргентиналик собиқ футболчи Диего Марадона, Либерия футбол уюшмаси раҳбари Муса Билити, Жанубий Корея футбол федерациясининг собиқ раҳбари Чон Монжун ҳамда Иордания шаҳзодаси Али ибн Ал-Ҳусайн ФИФА президентлиги учун сайловда иштирок этиш истагини маълум қилган.