Германия бундестагининг немис разведкаси ҳаракатлари ва ваколатларини назорат қилувчи қўмитаси Германия ҳукумати устидан судга даъво аризаси бермоқчи. Даъво аризаси АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг немис раҳбарлари ортидан олиб борган кузатуви атрофидаги можаро билан боғланган, деб ёзмоқда Sueddeutsche Zeitung нашри.

Депутатларнинг айтишича, Германия ҳукумати МХА буюртмаси билан немис разведкаси вакиллари кузатув олиб борган объектларнинг рўйхатини парламент қўмитасига тақдим қилишдан бош тортмоқда. Нашрнинг изоҳлашича, кузатув МХА сўрови бўйича парламент комиссиясининг рухсатисиз олиб борилган бўлса, бу Германиянинг махсус хизматлар ҳақидаги қонунининг бузилишидан дарак беради.

Шунингдек, можаро туфайли Германия федерал разведка хизмати ваколатлари жиддий равишда қисқартирилиши мумкин.

Аввал ОАВларда маълум қилинганидек, АҚШ Германиянинг уч нафар канцлери – Гельмут Кол, Герхард Шрёдер ва Ангела Меркель ва федерал ҳукуматнинг бир қатор аъзолари ортидан 1990 йилдан бошлаб кузатув олиб борган. Жосуслик маълумот қидириш учун бир неча ўн минглаб мезонлар – IP-адреслар, телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар, почта доменлари кўрсатилган рўйхат бўйича амалга оширилган. Бу рўйхат махсус хизматлар ишини бошқарувчи Ангела Меркель идораси ихтиёрида қолмоқда.