“Тошшаҳартрансхизмат” АК август ойидан “Кўйлиқ марказ – ТТЗ” йўналиши бўйича қатновчи 13-трамвай йўлини қисқартиришни режалаштирмоқда.

“Газета.uz” маълумотларига кўра, яқин кунларда бу трамвай Қўйлиқдан фақатгина “Тошкент” вокзалигача (Шимолий вокзалгача) ҳаракатланишни бошлайди, Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидаги трамвай линияси эса олиб ташланади.

“Қисқартирилган йўналишга муқобил сифатида 96-автобуснинг йўналиши ўзгартирилади, автобус Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқали академик лицейдан Содиқ Азимов, Амир Темур ва Туркистон кўчалари бўйлаб вокзалгача ҳаракатланади. Бошқа вариантлар ҳам кўрилмоқда”, деб таъкидлайди интернет-нашр.

“Тошшаҳартрансхизмат” ходимлари 12news.uz мухбирининг ишонч телефони бўйича қилган мурожаатига ҳозирча бундай маълумотга эга эмасликларини айтишган.

“Агар трамвай йўналиши ўзгарадиган бўлса тегишли ахборот трамвай салонига илиб қўйилади”, деб айтишди шаҳар транспорт компанияси вакиллари.

Аввалроқ жорий йилнинг апрель ойида 110-йўналиш бўйича (Кўйлиқ-ТТЗ) ҳаракатланувчи Mercedes-Benz Conecto Low Floor автобуси “Маиший хизмат уйи” бекатида 13-трамвайнинг йўлини тўсиб қўйгани маълум қилинганди. Автобус ҳайдовчиси шу тариқа жамоатчилик транспорти тирбандлиги юзага келган йўл қисмини айланиб ўтмоқчи бўлган. Ўтган дам олиш кунлари йўлнинг ушбу қисмидаги баъзи бекатлар бузиб ташланди.