2022 йилги Қишки Олимпиадага Хитой пойтахти Пекин шаҳри мезбонлик қилиши маълум бўлди. Бу қарор Халқаро Олимпия қўмитасининг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилаётган 128-сессияси чоғида қабул қилинди.

Бу олимпиада мезбонлиги учун Пекин ва Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳри даъвогарлик қилаётганди.

Шу тариқа, Хитойда илк марта Қишки Олимпиада ўтказилади. 2008 йилда Пекин шаҳри Ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилганди.

Пекин олимпиадаси 2022 йилнинг 4-20 февраль кунлари ўтказилади.

Ушбу йиғилишда, шунингдек, 2020 йилги ўсмирлар қишки Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилувчи шаҳар номи эълон қилинди. Мазкур мусобақалар Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказиладиган бўлди.