2014 йилда ўз фаолиятини бошлаган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўз фаолиятининг биринчи кунларидан бошлаб кўплаб етакчи компаниялар билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди.

Бунга қуйидаги мисолларни келтириб ўтиш мумкин: Samsung компанияси университет фойесини замонавий технологиялар билан жиҳозлади, Microsoft компанияси талабаларга турли дастурлардан бепул фойдаланиш имкониятини берди, LG компанияси эса университетни охирги авлод LCD телевизорлари билан таъминлади.

Бу анъанани давом эттириб, Korea Telecom компания беғараз асосда университетга 700 та китоб тақдим қилди.

Бу китоблар ахборот технологияларининг турли соҳалари бўйича дарсликлар ва ўқув адабиётлари бўлиб, улар университетдаги таълим жараёнида фойдаланиш учун мўлжалланган.

KT Global Business Promotion компаниясининг вице-президенти Ким Юн Же совға қилинган китоблар ёрдамида талабаларнинг билим даражалари янада ошишига умид билдирди.

Ўз навбатида университет Korea Telecom компаниясига беғараз ёрдами учун ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.