Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида 15дан ортиқ ноқонуний ва норасмий усуллари қўлланилмоқда.

“Даракчи” нашрининг билдиришича, булар орасида “Танка”, “Шпора”, “Паравоз”, “Бункер”, “Телепатия”, “Солдат”, “Телефон”, “Парашют”, “0 вариант ёки Х вариант” кабиларни санаш мумкин. Масалан, “телепатия” усулида кимнидир ўқишга киритишга ёлланган сохта абитуриентнинг қўлига фалон пул турадиган сканер ручка тутқазилади. У ўқишга кириши керак бўлган абитуриентнинг тест вариантидан сканер ручка ёрдамида нусха олади ва ўз жавоб варақасини тезлик билан тўлдириб аудиториядан чиқиб кетади. Ташқарида турган ёлланган мутахассислар эса сканер ручка ёрдамида олинган саволларга жавобларни ичкаридаги абитуриентга SMS орқали йўллашади.

“Паравоз” усулида абитуриентларнинг тестини ишлаб бериш учун бошқа бир ўқув юртида таҳсил олаётган ақлли талабалар ёлланади. Улар одатда сохта абитуриент сифатида кириб камида 10-15 нафар йигит-қизнинг ҳожатини чиқаради.

“Солдат” усулида эса билимдон талаба пулдор абитуриентнинг номидан сохта ҳужжат билан кириб (қалбаки ҳужжатда абитуриентнинг исм-шарифи, ёлланма талабанинг сурати акс этади) тест ишлаб беради.